Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари доимо эътиборимизда
Жорий йилнинг 28 июль куни муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги 21-сонли Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида меҳрибонлик уйларини мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига бириктириш ташаббусини илгари сурган эди
Хусусан, Тошкент молия институтига Юнусобод туманида жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйи бириктирилган.
Мазкур ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида институт томонидан доимий тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай амалий ишлардан бирига 15 сентябрь куни институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида 21-сонли Меҳрибонлик уйида ташкил этилган учрашувни мисол қилишимиз мумкин.
Тадбир давомида 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг яшаш ва билим олишлари учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириш, уларнинг мақсади, кайфияти, ўй-хаёллари билан қизиқиб, маънавий-маърифий дунёқарашини янада бойитиш, ватанпарварлик руҳида камол топтириш мақсадида томонлар ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Учрашув куй-қўшиқ, рақс ва турли саҳна чиқишларига уланиб кетди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам институтимиздан ташриф буюрган талаба-ёшларимиз билан биргаликда кўнгил ёзишди. Шунингдек, институтимиз профессор-ўқитувчилари билан давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Институтимиз томонидан меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг билимларини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли хилдаги китоблар ва спорт буюмлари совға қилинди.
Шунингдек, тарбияланувчи болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларнинг келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантириш мақсадида институтимиз ўқув курсларида бепул таълим олиш имконияти яратилди.
Учрашув сўнгида, ушбу меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини келгусида етук мутахассис бўлиб етишишлари учун керакли билимлари бериш, уларни янада руҳлантириш борасидаги кўплаб амалий ишлар қилиш кўзда тутилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.